Президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи доирасида умумий қиймати 9,4 миллиард доллар бўлган 206 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириш ва қурилишини бошлаш маросими бўлиб ўтди.
Шундан 2,05 миллиард долларлик 98 та лойиҳа ишга туширилди, яна 7,35 миллиард долларлик 108 та лойиҳанинг қурилишига старт берилди.
Лойиҳалар энергетика, қурилиш, тўқимачилик, машинасозлик, фармацевтика, тиббиёт, таълим, туризм ва логистика каби соҳаларни қамраб олади. Улар вилоятнинг барча 16 та шаҳар ва туманида амалга оширилади.
Хусусан, электр автобуслари, қуёш панеллари, микрогидроэнергетика ускуналари, транспорт воситалари ва юк вагонлари ишлаб чиқариш, чиқиндиларни қайта ишлаш орқали электр энергияси олиш, шунингдек, замонавий турар жой, таълим, тиббиёт ва туризм марказларини барпо этиш режалаштирилган.
Лойиҳалар Хитой, Туркия, Жанубий Корея, АҚШ, Россия, Германия, Ҳиндистон, БАА, Беларусь ва Тожикистон компаниялари ҳамда маҳаллий инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳалар натижасида 45 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади. Шунингдек, йилига 60,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 533 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади.
Маросим якунида Президент рамзий тугмани босиб, 98 та лойиҳани ишга туширди ҳамда 108 та объект қурилишига старт берди.

