Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Андижонда паррандачилик кластерини ривожлантиришга $10 млн йўналтирилади

23.09.2026 20:31

51

Жорий йилдан кластерда наслчилик йўналиши ҳам йўлга қўйилди. Ҳозирда 25 минг бош наслдор она товуқ парваришланиб, йилига 9 миллион дона тухумдан 7,6 миллион бош бройлер жўжа олиш режалаштирилган. Янги лойиҳалар доирасида парранда чиқиндиларини қайта ишлаш учун рендеринг линияси ишга туширилади ва парранда боқишда кўп қаватли катак тизими жорий этилади. Бу мақсадлар учун 10 миллион доллар инвестиция йўналтирилади.

Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги «Sokin savdo servis» паррандачилик кластерида 2027 йил якунига қадар қиймати 10 миллион доллар бўлган иккита янги лойиҳа амалга оширилади.

Президент Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи давомида мазкур кластер фаолияти билан танишди.

2010 йилда ташкил этилган кластер бугун Андижон вилоятидаги 5 та, Наманган вилоятидаги 3 та хўжаликни бирлаштирган. Тошкент вилоятидаги корхонада эса паррандалар учун озуқа ишлаб чиқарилади.

Кластерда озуқа тайёрлашдан тортиб парранда боқиш, сўйиш, гўштни қайта ишлаш, қадоқлаш ва истеъмолчига етказиб беришгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш занжири йўлга қўйилган.

Айни пайтда мажмуада 1,5 миллион бош бройлер товуғи парваришланмоқда. Корхона йилига 8,2 миллион бош бройлер боқиш ва 20,6 минг тонна парранда гўшти етиштириш қувватига эга. Шунингдек, йилига 55 минг тонна товуқ гўшти ва ярим тайёр маҳсулотларни қайта ишлаш имконияти яратилган.

Кластерда 417 киши меҳнат қилмоқда. Маҳсулотлар «Ҳалол», HACCP ва ISO стандартлари асосида ишлаб чиқарилмоқда.

Жорий йилдан кластерда наслчилик йўналиши ҳам йўлга қўйилди. Ҳозирда 25 минг бош наслдор она товуқ парваришланиб, йилига 9 миллион дона тухумдан 7,6 миллион бош бройлер жўжа олиш режалаштирилган.

Янги лойиҳалар доирасида парранда чиқиндиларини қайта ишлаш учун рендеринг линияси ишга туширилади ва парранда боқишда кўп қаватли катак тизими жорий этилади. Бу мақсадлар учун 10 миллион доллар инвестиция йўналтирилади.

Бундан ташқари, фаолияти тўхтаб қолган ёки молиявий қийинчиликка дуч келган паррандачилик хўжаликларини кластер билан ягона кооперация тизимига бирлаштириш таклиф этилмоқда.

Мазкур ташаббус натижасида 350–400 та иш ўрни тикланиши ва қўшимча 1,7 миллион бош парранда етиштириш имконияти яратилиши кутилмоқда.

Маълумот учун, кластер лойиҳасининг умумий қиймати 29 миллион долларни ташкил этади.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган