Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилмоқда.
Йиғилишда инвестицияларнинг фақат ҳажми эмас, балки сифати, таркиби ва иқтисодиётга бериши мумкин бўлган самарасига ҳам эътибор қаратилди. 2026 йил учун вилоятда 3,5 млрд доллар хорижий инвестиция жалб этиш режалаштирилган.
Саноат ва тадбиркорлик учун ажратилган 1 минг гектар майдон ҳисобига 7 млрд доллар инвестиция жалб этиш ва камида 70 минг юқори даромадли иш ўрни яратиш вазифаси қўйилди.
Шу билан бирга, жорий йилга режалаштирилган 3,5 млрд долларлик инвестициянинг мамлакатлар ва тармоқлар бўйича таркиби етарлича диверсификация қилинмагани қайд этилди.
Йиғилишда ахборот технологиялари хизматлари экспорти ва малакали кадрлар мавжуд бўлишига қарамай, соҳанинг технологик базасига инвестициялар етарли йўналтирилмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Сармояларни юқори қўшилган қиймат, замонавий технология ва барқарор иш ўринлари яратадиган йўналишларга жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.
Асаканинг автомобилсозлик ва машинасозлик бўйича 30 йиллик тажрибасидан келиб чиқиб, ўз технологияларини яратишга ўтиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун «Асaкa муҳандислик водийси»ни ташкил этиб, дастурий маҳсулотлар, электроника, электротехника ва муҳандислик хизматлари занжирини йўлга қўйиш таклиф этилди.
Вилоятда муҳандислик, энергетика, саноат ва ахборот технологиялари йўналишларида 10 минг нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг ғояларини тайёр маҳсулотга айлантиришга хизмат қиладиган тадқиқот ва ишланмалар марказларини ривожлантириш зарурлиги айтилди.
Тўқимачилик саноатида ҳам мавжуд қувватлардан юқори самара билан фойдаланиш имкониятлари қайд этилди. Европа давлатларидан дизайнер, конструктор ва брендларни жалб этиб, юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали соҳа экспортини 1,5 млрд доллардан ошириш мумкинлиги таъкидланди.

