Тошкентда олий таълим муассасасига ноқонуний тарзда ўқишга киритиш билан боғлиқ ҳолат фош этилди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Маълум бўлишича, 1997 йилда Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида туғилган, ҳозирда Тошкент шаҳрида яшовчи шахс танишлари орқали фуқарони Россиядаги олий таълим муассасаларидан бирида икки йил таҳсил олгани ҳақидаги сохта ҳужжатлар асосида пойтахтдаги хусусий олийгоҳнинг 3-босқичига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган.
Бунинг эвазига у 8 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 7,5 минг долларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур 7,5 минг долларни олган 1993 йилда туғилган, Самарқанд вилояти Иштихон туманида рўйхатда турувчи ва Тошкент шаҳрида вақтинча яшовчи фуқаро ҳам ушланган.
Терговга қадар текширув давомида ушбу ноқонуний ишга Яккасарой тумани ИИО ФМБ инспектор-психологи ҳам алоқадорлиги аниқланган.
Тезкор тадбир давомида инспектор ҳам 7,5 минг АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

