Германияда Рейн дарёсида сув сатҳи яна рекорд даражада пасайди. Пайшанба куни дарёдаги сув сатҳи 2 сантиметргача тушган. Бу ҳақда Германиянинг Сув йўллари ва кемачилик федерал бошқармаси маълум қилди.
Жума куни эрталаб кўрсаткич бироз кўтарилиб, 5 сантиметрни ташкил этган. Бироқ мутахассислар вазият ҳамон жуда мураккаблигича қолаётганини таъкидламоқда.
Мутахассислар 2 сантиметрлик кўрсаткич Германиянинг Кауб шаҳри яқинидаги гидропостга тегишли эканини тушунтирди. Яъни сув мазкур постнинг шартли нол белгисидан атиги 2 сантиметр юқори бўлган. Кейинчалик сув сатҳи бироз кўтарилган.
Бундай паст кўрсаткичлар Европанинг энг муҳим транспорт артерияларидан бири бўлган Рейнда кемалар ҳаракатига жиддий қийинчилик туғдирмоқда. Сувнинг саёзлашиши сабабли юк кемалари юкламасини сезиларли даражада камайтиришга ёки қатновларни бутунлай тўхтатишга мажбур бўлмоқда.
Бу эса хомашё ва саноат юкларини етказиб беришда узилишларга олиб келиши мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, муаммо нафақат логистика, балки дарё орқали юк ташишга боғлиқ ҳудудлар иқтисодиётига ҳам таъсир қилмоқда. Дарёнинг ўтказувчанлик қобилияти пасайиши транспорт харажатларининг ошишига ва товарлар нархига таъсир қилиши мумкин. Бу ҳақда Die Zeit нашри ёзди.
Метеорологлар Рейннинг саёзлашишини узоқ давом этган қуруқ об-ҳаво ва дарё ҳавзасида ёғингарчилик миқдорининг камлиги билан боғламоқда.

.webp)