Ҳар куни миллионлаб инсонлар ишга отланади. Кимдир офисда компьютер олдида ишласа, бошқаларнинг иш жойи денгиз, ўрмон, қурилиш майдони, кон ёки баланд бинолар тепасида жойлашган. Айрим касбларда эса оддий иш кунининг ўзи инсон ҳаёти учун жиддий хавф туғдиради.
Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили меҳнат билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари оқибатида қарийб 3 миллион киши вафот этади. Шу сабабли меҳнат хавфсизлиги нафақат иш берувчи ёки ходим, балки бутун жамият учун муҳим масала ҳисобланади.
Хавфли касбларни аниқлашда фақат ўлимлар сонига эмас, балки ҳар 100 минг нафар ходимга тўғри келадиган ўлим ҳолатларига ҳам қаралади. Шу нуқтаи назардан балиқчилик, дарахт кесиш, баландликда ишлаш, авиация, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва айрим саноат соҳалари энг юқори хавфга эга касблар қаторида туради.
Балиқчилик шулардан энг хавфлиларидан бири. Денгиздаги кучли бўронлар, баланд тўлқинлар, кема ҳалокатлари, оғир ускуналар ва тиббий ёрдамдан узоқлик хавфни кескин оширади. Масалан, АҚШда 2000–2017 йилларда тижорий балиқчилар ўртасида ўлим кўрсаткичи ҳар 100 минг нафар ходимга 114 та ҳолатни ташкил этган. 2000–2019 йилларда эса мамлакатда 878 нафар тижорий балиқчи иш билан боғлиқ жароҳатлар оқибатида ҳалок бўлган.
Ўрмончилар ва дарахт кесувчилар ҳам юқори хавфли касб эгалари ҳисобланади. Қулаётган дарахтлар, бензопилалар, оғир техника ва мураккаб рельеф бир вақтнинг ўзида бир нечта хавфни юзага келтиради. АҚШда 2024 йилда дарахт кесувчилар ўртасида ўлим кўрсаткичи ҳар 100 минг ходимга 110,4 та ҳолатни ташкил этган.
Қурилишда эса асосий хавфлардан бири баландликдан йиқилишдир. Том усталари ва металл конструкцияларини ўрнатувчилар оғир материаллар билан бир неча метр баландликда ишлайди. 2024 йилда АҚШда том усталари ўртасида иш билан боғлиқ ўлим кўрсаткичи ҳар 100 минг ходимга 48,7 та, металл конструкцияларини ўрнатувчиларда эса 37,8 та бўлган.
Транспорт соҳасида ҳам хавф юқори. Юк машинаси ҳайдовчилари узоқ вақт рулда бўлиши, чарчоқ, ноқулай об-ҳаво ва йўл-транспорт ҳодисалари билан тўқнаш келади. 2024 йилда АҚШда юк машинаси ҳайдовчилари ва ҳайдовчи-сотувчиларда ўлим кўрсаткичи ҳар 100 минг ходимга 25,7 та ҳолатни ташкил этган.
Қишлоқ хўжалиги ҳам хавфсиз соҳалардан эмас. Трактор ва бошқа оғир техника, кимёвий моддалар, ҳайвонлар ҳамда узоқ иш соатлари жиддий хавф туғдиради. АҚШда 2024 йилда қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги, балиқчилик ва овчилик соҳаларида 475 та иш билан боғлиқ ўлим қайд этилган.
Чиқинди йиғувчилар меҳнати ҳам кўпчилик ўйлаганидан хавфлироқ. Улар йўл ҳаракати, махсус техника, оғир юклар ва хавфли чиқиндилар билан ишлайди. 2024 йилда АҚШда бу касб эгалари ўртасида ўлим кўрсаткичи ҳар 100 минг ходимга 37,4 та ҳолатни ташкил қилган.
Нефть-газ ва тоғ-кон соҳаларида эса портлаш, ёнғин, юқори босим, оғир техника ва зарарли моддалар асосий хавфлардан саналади. АҚШда 2024 йилда тоғ-кон, карьерлар, нефть ва газ қазиб чиқариш соҳасида 92 та иш билан боғлиқ ўлим қайд этилган.
