Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши пойтахт жамоат транспортида йўл ҳақининг янги тарифларини тасдиқлади. Янги тарифлар 1 октябрдан кучга киради.
Автобус ёки метро учун электрон тарзда бир марталик тўлов қилинганда йўл ҳақи 2500 сўмни ташкил этади. Нақд тўловда тариф ўзгармайди — 3000 сўм. Багаж ташиш нархи эса 4000 сўм этиб белгиланди.
Шунингдек, транспорт карталари учун янги тариф режалари тасдиқланди.
Фақат автобуслар учун:
- 1 кун — 11 500 сўм;
- 5 кун — 42 500 сўм;
- 7 кун — 54 000 сўм;
- 10 кун — 84 500 сўм;
- 15 кун — 127 000 сўм;
- 20 кун — 169 500 сўм;
- 30 кун / 1 ой — 250 000 сўм;
- 3 ой — 682 500 сўм;
- 6 ой — 1 170 000 сўм;
- 1 йил — 1 950 000 сўм.
Автобус ва метро учун:
- 1 кун — 13 500 сўм;
- 5 кун — 57 500 сўм;
- 7 кун — 73 000 сўм;
- 10 кун — 115 500 сўм;
- 15 кун — 173 000 сўм;
- 20 кун — 231 000 сўм;
- 30 кун / 1 ой — 345 000 сўм;
- 3 ой — 945 000 сўм;
- 6 ой — 1 620 000 сўм;
- 1 йил — 2 700 000 сўм.
Шунингдек, белгиланган сафарлар сонига мўлжалланган пакетлар ҳам жорий этилади: 10 та сафар — 19 000 сўм, 20 та — 38 500 сўм, 30 та — 57 500 сўм.
Ўқувчилар, талабалар, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун айрим тариф режаларини харид қилишда 50 фоизлик чегирма назарда тутилган.
Транспорт карталаридан фойдаланганда бир соат ичида амалга ошириладиган пересадкалар тарифлари ҳам ўзгаради.
Фақат автобуслардан фойдаланилганда биринчи сафар 2500 сўм, иккинчи сафар 1500 сўмни ташкил этади. Учинчи ва ундан кейинги сафарлар учун ҳақ олинмайди.
Агар йўналиш метрони ҳам ўз ичига олса ва метро биринчи транспорт тури бўлмаса, пересадка доирасида метро учун 1500 сўм тўланади.
Агар сафар метро орқали бошланса, унинг нархи 2500 сўм бўлади. Шундан кейинги дастлабки икки автобус сафари учун 1500 сўмдан тўланади, учинчи ва кейинги сафарлар эса бепул амалга оширилади.
Бир соатлик тариф доирасида метро хизматидан бир марта фойдаланиш мумкин. Метродан қайта фойдаланилганда эса янги 60 дақиқалик тариф даври бошланади.
