Фарғона ва Наманган вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 2 кг 643 грамм «гашиш» гиёҳвандлик моддаси ашёвий далил сифатида олинди.
🔹 ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари вилоят Ички ишлар ва Божхона бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда «Фарғона – Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган «Кобальт» русумли автомобиль Поп туманидаги «Наманган» ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Текширув давомида автомобилнинг юкхонасига яшириб қўйилган 1 кг «гашиш» аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди. Автомобилни 1995 йилда туғилган, Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқаро бошқариб келган.
🔹 ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси, Ички ишлар ва Божхона органлари ҳамкорлигида Чуст туманида ўтказилган тезкор тадбирда «ВАЗ-2103» русумли автомобиль шубҳа остига олиниб, белгиланган тартибда кўздан кечирилди.
Унинг салонида 995 грамм «гашиш» борлиги аниқланди. Автомобиль 1987 йилда туғилган, Янги Наманган туманида яшовчи, муқаддам судланган шахсга тегишли бўлган.
🔹 Шунингдек, Наманган шаҳрида яшовчи, 1975 йилда туғилган фуқаронинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ертўласидан 648 грамм «гашиш» топилди.
Тезкор тадбир давомида мазкур фуқаро гиёҳвандлик воситасини Янги Наманган туманида яшовчи, 1972 йилда туғилган танишидан 5 минг АҚШ долларига сотиб олгани аниқланди. Ушбу шахс ҳам процессуал тартибда ушланган.
Ҳолатлар юзасидан барча гумонланувчиларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

.png)