2027 йил 1 январдан Пенсия жамғармаси фуқаролардан қоғоз шаклидаги ҳужжат ва маълумотларни қабул қилмайди. Пенсия таъминотига оид хизматлар босқичма-босқич интерактив ва проактив шаклга ўтказилади.
Янги тартибга кўра:
— 2026 йил 1 ноябрдан зарарли ва оғир меҳнат шароитида ишлайдиган ҳамда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга шахсларга пенсия тайинлаш хизмати интерактив шаклда кўрсатилади;
— 2026 йил 1 декабрдан пенсиянинг бошқа турига ўтказиш учун мурожаат қилиш имконияти интерактив шаклга ўтказилади;
— 2027 йил 1 январдан пенсия тўловини нақд пул шаклига ўтказиш ва тўхтатиб турилган пенсия тўловларини тиклаш хизматлари интерактив шаклда кўрсатилади.
Шунингдек, айрим пенсиялар фуқаронинг алоҳида мурожаатисиз проактив тарзда тайинланади.
Жумладан, 2026 йил 1 ноябрдан корхона тугатилиши ёки иш ҳажми қисқариши сабабли ишсиз деб эътироф этилган шахсларга умумий белгиланган ёшдан икки йил аввал ёшга доир пенсия тайинланади.
2027 йил 1 январдан боқувчисини йўқотганлик пенсияси ҳам проактив шаклда тайинланади.
Бундан ташқари, «Менинг пенсиям» онлайн хизмати орқали пенсия ёшига бир йил қолган фуқароларни олдиндан хабардор қилиш имконияти яратилади.
2026 йил 1 октябрдан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ишлайдиган ўзини ўзи банд қилган шахс белгиланган миқдорда ижтимоий солиқ тўласа, унга бир йиллик иш стажи автоматик ҳисобланади.
2027 йил 1 январдан расмий даромадга эга шахсларга ишламайдиган оила аъзоларининг иш стажини шакллантириш учун ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 12 фоизи миқдорида ихтиёрий ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи ҳам берилади.

