Конго Демократик Республикасида Эбола вируси тарқалиши оқибатида вафот этганлар сони 4 мингдан ошди. Мамлакат ҳукумати маълумотларига кўра, 7 та провинцияда 8300 киши вирусни юқтирган, 4018 нафар бемор вафот этган, 2 мингдан ортиқ киши эса соғайган.
Амалдаги эпидемия мамлакат тарихидаги 17-Эбола эпидемияси бўлиб, кўлами жиҳатидан энг йирик эпидемия ҳисобланади. Вирус Бундибуджо турига мансуб бўлиб, манбада унга қарши вакцина ёки дори воситалари мавжуд эмаслиги қайд этилган.
Қурбонлар сони бўйича ҳозирги эпидемия 2014–2016 йиллардаги Эбола эпидемиясидан кейин иккинчи ўринда турибди. Ўша эпидемияда 11 мингдан ортиқ киши вафот этган.
Сентябрь ойида Конго Демократик Республикаси ҳукумати ва БМТ Итури провинциясининг айрим ҳудудларида вирус тарқалиш суръати пасайгани белгилари кузатилганини маълум қилган. Бироқ мамлакатнинг шарқий қисмида юқиш ҳолатлари тез суръатда кўпайишда давом этмоқда.
Шунингдек, мамлакатнинг шимоли-ғарбида жойлашган Жанубий Убанги провинциясида ҳам Эбола вируси авж олгани қайд этилди. У ерда бошқа ҳудуддан келган эркак вирусдан вафот этган.
Эпидемия бошланганидан буён 50 нафардан ортиқ тиббиёт ходими ҳам вирус юқиши оқибатида вафот этган. «Чегара билмас шифокорлар» халқаро гуманитар ташкилоти ходимларидан бири ҳам вирусни юқтирган ва махсус рейс орқали Нидерландияга олиб кетилиб, юқори даражадаги ҳимояга эга изоляторга жойлаштирилган.

