Туркманистондаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчининг сўзларига кўра, олий таълимни тамомлаган битирувчилар мактабга ишга кириш учун директорга 2 минг манатгача пора беришга мажбур бўлмоқда.
Шунингдек, етарлича дарс соати олиш ва муносиб маошга эга бўлиш учун ҳам яна қарийб 2 минг манат тўлаш талаб қилинаётгани айтилган.
Педагогнинг таъкидлашича, ўқитувчиларга дарсларни кетма-кет қўйиб бериш учун ҳам алоҳида пул сўралади. Акс ҳолда, бир неча дарс бутун иш кунига тарқатилиб, ўқитувчи 2–3 та дарс учун мактабда деярли кун бўйи қолиши мумкин.
Бундан ташқари, мактаб ходимларидан вақти-вақти билан 50 ёки 100 манатдан пул йиғилиши айтилган. Бу маблағлар текширувчилар учун дастурхон ёзиш, совғалар олиш ёки мактаб эҳтиёжларига сарфланиши тушунтирилади.

