Хитойлик олимлар Жанубий Хитой денгизидаги Вэйчжоу ороллари яқинида қуёш нуридан 10 метр чуқурликда электр энергияси олишга муваффақ бўлди. Бу сув остида қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича аввалги тажрибалардан анча чуқурроқ синов ҳисобланади.
Олимлар кремний ўрнига перовскитли қуёш элементларидан фойдаланган. Улар сув остига етиб борадиган кўк ва яшил нурларни самарали қабул қилишга мослаштирилган. Лаборатория синовларида элементларнинг электр энергиясига айлантириш самарадорлиги 34,7 фоизга етган.
10 метр чуқурликда ўтказилган икки соатлик синов давомида қурилма 324 милливатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарган. Бу энергия аккумуляторларни қувватлаш ва кичик LED чироқни ишлатиш учун етарли бўлган.
Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, бундай қуёш элементлари 10 метр чуқурликда тахминан 5,5 йил давомида ишлаши мумкин. Келажакда технологиядан сув ости сенсорлари, камералар, алоқа қурилмалари ва автоном роботларни энергия билан таъминлашда фойдаланиш мумкин.

