5 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.
Мулоқот аввалида Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва давлатчилик фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Суҳбатда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Товар айирбошлаш ҳажми ошиб бораётгани, транспорт, энергетика, геология, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда бошқа соҳалардаги ҳамкорлик изчил давом этаётгани қайд этилди. Ҳудудлар ўртасидаги алоқалар ва маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам фаоллашмоқда.
Президентлар минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашиб, бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини ҳам муҳокама қилди.

