Таиландда 16 сентябрдан бери давом этаётган сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 31 нафарга етди. Табиий офат мамлакат бўйлаб 3,5 миллиондан ортиқ аҳолига таъсир кўрсатган.
5 октябрь ҳолатига 26 та провинция ва Бангкокда сув тошқинлари сақланиб қолган. Тахминан 1,27 миллион хонадон тошқиндан зарар кўрган.
Тошқинларга узоқ давом этган кучли ёмғирлар ва мамлакатнинг шимолий ҳудудларидан марказий қисмга катта ҳажмда сув оқиб келиши сабаб бўлган. Зарар кўрган ҳудудларда сувни чиқариш ва аҳолига ёрдам кўрсатиш ишлари давом этмоқда.
Шу билан бирга, синоптиклар 5–7 октябрь кунлари янги кучли ёмғирлар ёғишидан огоҳлантирмоқда. Бу тўсатдан сув тошқини, дарёларнинг ўзанидан чиқиши ва кўчкиларга сабаб бўлиши мумкин.
Айрим сув омборларида сув сатҳи 80 фоиздан ошган. Тошқинлар Таиланднинг миллий авиакомпанияси Thai Airways фаолиятига ҳам таъсир кўрсатган. Ходимларнинг бир қисми ишга етиб бора олмагани сабаб айрим рейслар бекор қилинган, Суварнабхуми аэропортида эса минглаб багажлар тўпланиб қолган.
Багажларни қайта ишлаш ишларига ҳарбий-ҳаво кучлари жалб қилинган. 2 октябрь куни Thai Airways директорлар кенгаши тошқинлар вақтида компания раҳбариятининг ҳаракатлари юзасидан текширув ўтказилиши даврида бош директорни вақтинча лавозимидан четлаштирган.

