Лондондон Чикагога учаётган Boeing 777 самолётида хавф сигнали ишга тушгани сабабли лайнер парвозни давом эттирмай, Лондондаги «Хитроу» аэропортига қайтиб келди. Бу ҳақда Европа ҳаво ҳаракатини бошқариш хизматлари хабар берган.
Ноштат ҳолат самолёт Ирландия ҳаво ҳудудида бўлган вақтда юзага келган. Экипаж парвоз йўналишини ўзгартириб, Буюк Британиянинг жануби-ғарбий соҳиллари устидан қарийб икки соат давомида айланиб, ёқилғини камайтирган.
Шундан сўнг самолёт «Хитроу» аэропортига муваффақиятли қўнган. Ҳозирча бортда хавф сигнали ишга тушишига нима сабаб бўлгани маълум қилинмаган.
Аввалроқ Испаниянинг Малага шаҳридан Германиянинг Баден-Баден шаҳрига учган Boeing 737 самолёти экипажи ҳам шунга ўхшаш хавф сигнали берган. Парвоз тўхтатилиб, самолёт Лион аэропортига қўнишга мажбур бўлган. Ушбу ҳолат сабаблари ҳам очиқланмаган.

