Президент Шавкат Мирзиёевга куз-қиш мавсумида аҳолини, айниқса, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича таклифлар тақдим этилди.
Тақдимотда эҳтиёжманд оилаларнинг электр энергияси, газ, кўмир ва коммунал хизматлар харажатларини қоплаш бўйича амалдаги қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш таклифлари кўриб чиқилди.
Хусусан, Ижтимоий реестрга киритилмаган эҳтиёжманд оилалар учун даромад мезони ҳар бир оила аъзосига 1 миллион 430 минг сўмгача оширилиши таклиф қилинди. Бунинг натижасида давлат ёрдами қамрови яна 166 мингта оилага кенгайиши кутилмоқда.
Шунингдек, иситиш мавсумида газлаштирилмаган ва газ етиб бормаган ҳудудларда электр энергияси бўйича базавий меъёрни 200 кВт·соатдан 350 кВт·соатга ошириш таклифи маъқулланди.
Эҳтиёжманд оилаларга декабрь ойида бир марталик моддий ёрдам ажратиш масаласини кўриб чиқиш таклиф қилинди.
Электр энергияси ва газнинг базавий меъёрдан ортиқ истеъмоли харажатларининг бир қисмини қоплаш муддатини 2028 йил 1 апрелгача узайтириш таклиф этилди. Бу орқали бир йилда 470 мингта оилани қамраб олиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, шароити оғир маҳаллалардаги 3 мингта хонадонни иссиқлик жиҳатидан ҳимоялаш ва энергия тежовчи ускуналар билан таъминлаш ишлари давом эттирилади.
Президент ҳукуматга ажратилган маблағларни ўз вақтида йўналтириш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлашда манзиллиликни таъминлаш ва ёрдамнинг ҳар бир оилага етиб бориши устидан назоратни кучайтириш бўйича топшириқлар берди.

