Тошкент давлат техника университетида вилоятлардан келиб таҳсил олаётган қарийб 300 нафар талаба ётоқхона учун пул тўлаганига қарамай, бир кун ичида бинодан чиқариб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолатга расмий муносабат билдирилди.
Мазкур бино ҳали расман фойдаланишга топширилмаган, кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ва зарур рухсатлар олинмаган.
Шунингдек, айрим талабалар тадбиркор томонидан белгиланган тартибга риоя қилинмаган ҳолда, тегишли йўлланмасиз жойлаштирилгани аниқланган. Бундан ташқари, бошқа олий таълим муассасалари талабалари ҳам ушбу ётоқхонага жойлаштирилган.
Ҳолат аниқлангач, талабалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида улар объектдан чиқарилиб, Тошкент давлат техника университетининг мавжуд бўш талабалар турар жойларига вақтинча жойлаштирилган. Бошқа ОТМ талабалари эса ўз таълим муассасаларига қайтарилган.
Вазирлик маълум қилишича, ётоқхонага аввал жойлаштирилган талабалардан ундирилган тўловлар тадбиркор томонидан 100 фоиз миқдорида қайтариб берилган.
Айни пайтда объектнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва фойдаланиш учун зарур рухсатларни олиш ишлари давом этмоқда. Бинода иссиқ сув ва иситиш тизимлари ҳам ҳали тўлиқ ишга туширилмаган.
Вазирликка кўра, объектнинг расмий очилиш маросими ҳам ҳали ўтказилмаган. Барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли рухсатлар олингач, ётоқхона белгиланган тартибда фойдаланишга топширилади.

