«Док-1 Макс» иши бўйича жабрланган фуқароларга ҳозирга қадар 16,7 млрд сўм миқдорида компенсация тўланди. Қолган 61,3 млрд сўм зарарни ундириш ишлари давом этмоқда.
Мажбурий ижро бюроси ижтимоий тармоқларда тарқалган компенсация тўловлари тўхтатилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Суд қарорлари асосида қарздор С. Кариев ва бошқа шахслардан 85 нафар фуқаро фойдасига жами 78 млрд сўм зарарни ундириш бўйича ижро ишлари олиб борилмоқда.
Ундирувни таъминлаш мақсадида С. Кариевга тегишли Чилонзор туманидаги турар жой бинолари ҳамда «Бешёғоч» маҳалласидаги Фурқат кўчасида жойлашган нотурар бино хатланган ва онлайн-аукционга чиқарилган.
Фурқат кўчасидаги нотурар бино 793 млн сўмга сотилган. Чилонзор туманидаги қиймати 7,1 млрд сўм деб баҳоланган турар жой бинолари бўйича аукцион савдолари эса давом этмоқда.
Аукциондан тушган маблағлар ҳамда С. Кариевнинг оила аъзолари томонидан тўланган пуллар ҳисобидан жабрланганларга жами 16,7 млрд сўм ўтказилган. Маблағлар ундирувчилар ўртасида тенг тақсимланган.
Айни вақтда қолган 61,3 млрд сўм зарарни ундириш бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Док-1 Макс» сиропини истеъмол қилиш оқибатида 68 нафар бола вафот этган. Иш бўйича дори воситасини Ўзбекистонга импорт қилган ташкилот раҳбари ва Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари 18–20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

