Стокгольмда Швеция Қироллик Фанлар академияси 2026 йилги Кимё бўйича Нобель мукофоти совриндорларини эълон қилди.
Бу йилги мукофот француз олими Анри Каган ва япониялик олим Кенсо Соайга «асимметрик органик синтезда чизиқли бўлмаган эффектлар ва автокатализ ҳодисасини кашф этгани учун» берилди.
Нобель қўмитаси маълум қилишича, олимлар тирик организмлардаги кимёвий асимметрия ҳодисасини тушунтиришга муваффақ бўлган. Масалан, аминокислоталар каби айрим молекулалар бир-бирининг кўзгудаги акси бўлган икки хил шаклда мавжуд бўлади. Бироқ тирик организмларда ушбу кўзгу аксларидан фақат биттаси учрайди.
Бундай кимёвий асимметрия қандай пайдо бўлгани узоқ йиллар давомида кимёгарлар учун сир бўлиб келган.
2025 йилда Кимё бўйича Нобель мукофоти япониялик Сусуму Китагава, австралиялик Ричард Робсон ва америкалик Омар Ягҳига «металл-органик каркас тузилмаларини (MOF) ишлаб чиққани учун» берилган эди.
2026 йилги Нобель мукофотлари эълон қилиниши 5 октябрь куни Физиология ва тиббиёт соҳасидаги совриндорлар билан бошланган. 6 октябрь куни Физика бўйича Нобель мукофоти совриндори эълон қилинди.
8 октябрь куни эса Адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори маълум қилинади.
2026 йил Нобель мукофотига 125 йил тўлгани билан ҳам аҳамиятли. Шу муносабат билан Нобель жамғармаси мукофот пулини 1 миллион кронга ошириб, 12 миллион кронга (тахминан 1,2 миллион доллар) етказди.
Агар мукофот бир нечта олимга берилса, маблағ улар ўртасида тенг тақсимланади. Бир мукофотни кўпи билан уч нафар совриндор бўлиб олиши мумкин.
Совриндорларга, шунингдек, диплом ва Нобель медаллари топширилади. Мукофотлар анъанага кўра ҳар йили 10 декабрь — Альфред Нобель вафот этган кунда Стокгольм ва Осло шаҳарларида тантанали равишда топширилади.

