Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Танзила Норбоева инклюзив бошқарув бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди

07.10.2026 18:04

18

Янги таҳрирдаги Конституцияда мамлакат ижтимоий давлат сифатида белгилангани, сўнгги ўн йилда камбағаллик даражаси қарийб 35 фоиздан 3,9 фоизгача пасайгани таъкидланди.

Танзаниянинг Аруша шаҳрида Парламентлараро иттифоқ (ПИ)нинг 153-ассамблеяси доирасида «Инклюзивлик, ишонч ва имкониятлар орқали бошқарувни мустаҳкамлаш ва жамиятни рағбатлантириш» мавзусида умумий мунозаралар ўтказилмоқда.

Унда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева сўзга чиқиб, инклюзив бошқарувнинг асосий мезони одамларнинг ўз ҳаётига дахлдор қарорларни қабул қилишда иштирок этиши ва уларнинг натижасини кундалик ҳаётида ҳис қилиши эканини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистонда «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» тамойили ислоҳотларнинг муҳим мезонига айланган. Янги таҳрирдаги Конституцияда мамлакат ижтимоий давлат сифатида белгилангани, сўнгги ўн йилда камбағаллик даражаси қарийб 35 фоиздан 3,9 фоизгача пасайгани таъкидланди.

Танзила Норбоева инклюзив бошқарувни кучайтириш бўйича учта амалий йўналишни таклиф қилди. Жумладан, қонун лойиҳаларини тайёрлашда жамоатчилик ва маҳаллий вакиллик органлари билан мулоқотни кучайтириш, бюджет ва давлат дастурларининг ҳудудларда тенг имконият яратишини баҳолаш ҳамда парламент назоратида маблағлар сарфидан кўра қарорларнинг аҳоли ҳаётидаги амалий натижасига эътибор қаратиш зарурлигини билдирди.

Ўзбекистон томони мазкур ёндашувларни халқаро майдонда ҳам илгари сураётганини қайд этди. Жорий йил июль ойида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош ассамблеяси томонидан парламентларнинг ижтимоий ривожланишдаги ролини кучайтиришга қаратилган резолюция қабул қилингани таъкидланди.

Сенат Раиси Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқ доирасида инклюзив бошқарувнинг самарали механизмларини кенг жорий этиш ва миллий тажрибалар алмашинувини рағбатлантириш бўйича халқаро амалий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган