Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида давлат ижтимоий суғуртаси тизими орқали 235 минг 201 нафар фуқарога жами 1,43 триллион сўм нафақа тўлаб берилди.
Маълумотларга кўра, шундан 111 минг 689 нафар аёлга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси учун 1 триллион 269,5 миллиард сўм, 123 минг 512 нафар фуқарога вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси учун 159,2 миллиард сўм ажратилган.
2026 йилдан ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси орқали проактив тарзда, яъни фуқаронинг алоҳида мурожаатисиз тайинланмоқда.
Янги тизим орқали нафақаларни тайинлаш ва тўлаш жараёнини рақамлаштириш, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигини камайтириш ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини давлат томонидан кафолатлаш кўзда тутилган.
Шунингдек, мазкур механизм иш берувчиларни нафақалар билан боғлиқ ортиқча молиявий юкдан озод қилиб, тўловларни иш берувчининг хоҳиши ёки молиявий имкониятига боғлиқ бўлмаган тизимга ўтказади.

