Таиланд ҳукумати мамлакатдан самолётда чиқиб кетувчи фуқаролар ва хорижликлар учун 1 000 бат (тахминан 30 доллар) миқдорида янги йиғим жорий этишни таклиф қилди.
Ташаббус бўйича жамоатчилик муҳокамаси 29 октябрга қадар давом этади. Таклиф маъқулланса, йиғим авиачипта учун тўлов амалга оширилаётганда авиакомпаниялар ёки уларнинг агентлари томонидан ундирилади.
Янги йиғим Таиланд фуқароларига ҳам, хорижлик сайёҳларга ҳам татбиқ этилади. Бироқ мамлакатдан қуруқлик ёки денгиз орқали чиқиб кетувчилардан бу маблағ ундирилмайди.
Йиғимдан қироллик оиласи аъзолари, патриарх, хорижий давлат раҳбарлари, ҳукуматнинг расмий меҳмонлари ҳамда 2 ёшга тўлмаган болалар озод қилиниши режалаштирилмоқда.
Таиланд Молия вазирлиги янги йиғим ички туризмни ривожлантириш ва маблағларни мамлакат иқтисодиётида сақлаб қолишга хизмат қилишини билдирган.
Бироқ Таиланд Туристик агентликлар ассоциацияси ушбу ташаббусни танқид қилган.
Агар жамоатчилик муҳокамасидан сўнг таклиф қонун сифатида қабул қилинса, янги тартиб расмий эълон қилинганидан 180 кун ўтиб кучга кириши мумкин.

