2026 йилги Нобель мукофоти адабиёт бўйича канадалик ёзувчи ва шоира Энн Карсонга топширилади.
Стокгольмда 8 октябрь куни эълон қилинган қарорга кўра, Карсон мукофотга «классик анъана билан ўйноқи мулоқотда замонавий адабиёт учун янги шакллар яратган жасур ва новаторлик ижоди учун» сазовор бўлган.
Энн Карсон — классик филология мутахассиси бўлиб, айниқса қадимги юнон шоираси Сапфо ижодини тадқиқ қилган. У шеърият билан бир қаторда таржима ва адабий эссеистика билан ҳам шуғулланади.
Ёзувчининг «Қизилнинг автобиографияси» ва «Аччиқ-ширин Эрос» асарлари рус тилига ҳам таржима қилинган. Карсоннинг ижоди файласуф Сьюзен Зонтаг ва адабиётшунос Гарольд Блум каби машҳур мутафаккирлар томонидан юқори баҳоланган.
Нобель мукофотига бу йил хитойлик ёзувчи Цань Сюэ, япониялик Харуки Мураками, мексикалик Кристина Ривера Гарса, испаниялик Энрике Вила-Матас ва австралиялик Джеральд Мёрнейн каби ижодкорлар ҳам эҳтимолий даъвогарлар сифатида тилга олинган эди.
2026 йилда Нобель мукофотининг ҳар бир йўналишидаги пул мукофоти 1 миллион швед кронасига оширилиб, 12 миллион кронга етказилди. Бу қарор Нобель мукофотининг 125 йиллиги муносабати билан қабул қилинган.
2025 йилда адабиёт бўйича Нобель мукофоти венгриялик ёзувчи Ласло Краснахоркаига берилган эди.
Нобель мукофотига номзодлар рўйхати 50 йил давомида махфий сақланади. Шу сабабли 2026 йилги номзодлар таркиби 2076 йилда ошкор қилинади.

