Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Мирзиёев МДҲ доирасида савдо, транспорт ва энергетика ҳамкорлигини кенгайтиришни таклиф қилди

09.10.2026 15:26

7

Энергетика соҳасида эса минтақанинг ўзаро боғлиқлигини келгуси ўн йилликларда ривожлантириш бўйича узоқ муддатли прогноз ишлаб чиқиш, кам углеродли технологияларни жорий этиш ва ресурслардан самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди. Бу борада МДҲнинг ресурслардан самарали фойдаланиш ва айланма иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги мажлисида савдо-инвестиция алоқаларини ривожлантириш, транспорт боғлиқлигини кучайтириш, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор таклифларни илгари сурди.

Давлат раҳбари таъкидлашича, жаҳондаги геосиёсий зиддиятлар ва иқтисодий алоқаларнинг қайта шаклланиши шароитида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, позицияларни мувофиқлаштириш ва эришилган келишувларни амалий натижалар билан мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга.

Савдо ва озиқ-овқат хавфсизлиги

Мирзиёев МДҲ давлатларининг умумий иқтисодий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, савдо-инвестиция шериклигини янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини қайд этди. Унинг фикрича, оддий товар айирбошлашдан қўшилган қийматнинг тўлиқ ишлаб чиқариш занжирларини биргаликда яратишга ўтиш, эркин савдо зонасининг тўсиқларсиз ишлашини таъминлаш лозим.

Шунингдек, техник тўсиқларни бартараф этиш, мувофиқлик сертификатларини ўзаро тан олиш ва давлат харидларида иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш таклиф қилинди.

Давлат раҳбари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича давлат харидларида бозорларни ўзаро очиш тўғрисидаги битим ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик дастурини тез фурсатда келишиш ва тасдиқлаш муҳимлигини таъкидлади. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўғитлар экспортига чекловлар киритишдан олдин ўзаро хабардор қилиш ва маслаҳатлашиш механизмини жорий этиш ҳам таклиф этилди.

Транспорт ва энергетика ҳамкорлиги

Президент интеграциялашган логистика марказларини ташкил этиш, транзит харажатларини камайтириш, юк ташиш қоидаларини бирхиллаштириш ва МДҲнинг ягона транспорт ахборот тизимини шакллантириш зарурлигини қайд этди.

Шунингдек, Туркманистоннинг 2029 йилни Ҳамдўстликнинг транспорт боғлиқлиги йили деб эълон қилиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Энергетика соҳасида эса минтақанинг ўзаро боғлиқлигини келгуси ўн йилликларда ривожлантириш бўйича узоқ муддатли прогноз ишлаб чиқиш, кам углеродли технологияларни жорий этиш ва ресурслардан самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди. Бу борада МДҲнинг ресурслардан самарали фойдаланиш ва айланма иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Маданий-гуманитар алоқалар ва киберхавфсизлик

Мирзиёев маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун Давлатлараро гуманитар ҳамкорлик жамғармаси имкониятларини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, «Маданий сиёсат ва креатив индустриялар» форумини ташкил этиш таклифини илгари сурди.

Кибержиноятчиликка қарши курашиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президент МДҲ Ички ишлар вазирлари кенгашига Ҳамдўстликнинг Қўшма алоқа марказини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишни топширишни таклиф қилди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, МДҲ доирасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун умумий тарих, яқин инсонлараро алоқалар ва мавжуд иқтисодий салоҳиятдан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган