Парижда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасида ташкил этилган тадбирда Соҳибқирон ва Темурийлар меросининг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни, унинг Франция ва Европада ўрганилиши ҳамда илмий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Конференция Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, мамлакатнинг Франциядаги элчихонаси ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилди. Тадбир буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга қаратилган ишлар доирасида ўтказилди.

Унда Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти Фредерик Брессан, Ал-Фурқон жамғармаси директори Сали Шоҳсиворий, Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Даврон Мақсудов, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳаммедов, француз олимлари ва тадқиқотчилари ҳамда илмий жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Конференцияда Амир Темур ва Темурийлар даврида илм-фан, меъморчилик, санъат, маданият ва давлатчилик ривожи, шунингдек, ушбу мероснинг Европада ўрганилиши юзасидан маърузалар тингланди.
Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов Амир Темур мероси нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон цивилизацияси тарихининг муҳим қисми эканини таъкидлади. Унинг айтишича, Соҳибқироннинг давлат бошқаруви, илм-фан, меъморчилик ва халқаро муносабатлар соҳаларида қолдирган меросини кенг қамровда тадқиқ этиш зарур.
Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти Фредерик Брессан эса Темурийлар тарихини Парижда тарғиб қилиш ва бу борадаги илмий алоқаларни ривожлантириш муҳимлигини қайд этди.
Франциялик профессор ва навоийшунос Шара Рисоли маърузасида Алишер Навоийнинг Темурийлар саройидаги ўрни, ҳомийлик фаолияти ва даврнинг адабий-маданий ҳаётига қўшган ҳиссасини ёритди.

Анжуманда Францияда 30 йилдан буён нашр этиб келинаётган «Темурийлар» журналининг илмий аҳамияти ҳам қайд этилди. Ислом цивилизацияси маркази журналнинг шу вақтгача чоп этилган сонларини жамлаб, алоҳида тўплам шаклида нашр этишни режалаштирмоқда.
Шунингдек, Амир Темур ва Темурийлар даврига оид қўлёзмалар, архив ҳужжатлари ва тарихий манбаларни биргаликда ўрганиш, янги китоблар, каталоглар ва кўргазмалар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди. Марказ француз тарихчилари, шарқшунослари, санъатшунослари ҳамда архив ва музей мутахассислари билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.
Тадбирда Амир Темурнинг Франция қироли Карл ВИ билан дипломатик ёзишмалари ҳам тилга олиниб, улар ўша даврдаёқ Шарқ ва Ғарб ўртасида сиёсий ҳамда маданий мулоқот мавжуд бўлганини кўрсатувчи тарихий манбалар сифатида қайд этилди.
Конференция якунида Ўзбекистон ва Франция олимлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тарихий манбаларни биргаликда тадқиқ этиш ва Амир Темур ҳамда Темурийлар меросини халқаро илмий жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш муҳимлиги таъкидланди.

