Истанбулда шошилинч тиббий ёрдам тизимидан меъёридан ортиқ фойдаланиш билан боғлиқ ғайриоддий ҳолат қайд этилди. Маҳаллий аҳоли вакили бир йил давомида 337 марта шифохонага мурожаат қилган.
Унинг шифокорларга тез-тез мурожаат қилишига сурункали обструктив ўпка касаллиги (СОЎК) ва ҳар бир нафас қисиши хуружи вақтида кучайган кучли хавотир сабаб бўлган. Эркак нафас олиш қийинлашиши ва ваҳима ҳолатини жисмонан ҳам, руҳан ҳам енгиб ўта олмагани учун мунтазам равишда шифохонанинг қабул бўлимларига ёрдам сўраб борган.
Истанбул шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Абдулла Эмре Гюнернинг таъкидлашича, бундай ҳолат беморнинг ўзига ҳам, тиббиёт ходимларига ҳам катта юклама келтириб чиқаради.
У яна бир мисол сифатида Окмейдани ҳудудида яшовчи аёлни келтирди. У ҳам худди шу даврда тиббий муассасага 316 марта мурожаат қилган. Аёл гипертониядан қўрқиб, ваҳимага тушган ва уни фақат қабул бўлимида томир орқали дори юборилгандагина тинчланишига ишонган.
Муаммони шифокорлардан иборат комплекс жамоа ёрдамида ҳал қилишга эришилган. Жамоа таркибига терапевтлар билан бир қаторда психолог ва психиатрлар ҳам жалб қилинган. Махсус даволаш бошланганидан сўнг аёлнинг шифохонага мурожаатлари кескин камайиб, ойига бир-икки мартага тушган.
Абдулла Эмре Гюнер бундай ҳолатларнинг асосий муаммосига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, заруратсиз равишда тез-тез мурожаат қилиш шошилинч тиббий ёрдамга ҳақиқатан муҳтож бўлган беморларнинг ундан фойдаланишини қийинлаштиради.
Истанбулда тиббий тизимга тушаётган юклама кўлами ҳам юқори. Жорий йилнинг дастлабки 8 ойида шаҳарда 148 миллионта тиббий кўрик ўтказилган.

