Тинч океанининг марказий қисмида сув ҳарорати тарихда биринчи марта 30°C дан ошди. АҚШ Миллий океан ва атмосфера тадқиқотлари бошқармаси (NOAA) маълумотларига кўра, Ниньо 3.4 ҳудудида ҳарорат меъёрдан 3,34°C юқори бўлган.
Олимлар бу ҳолатни ўта кучли «Эль-Ниньо» шаклланишининг белгиси сифатида баҳоламоқда. Одатда «Эль-Ниньо» пайтида ҳарорат меъёрдан 1–2°C юқори бўлади.
Мутахассислар аномалия ноябрга бориб 4°C гача етиши мумкинлигини прогноз қилмоқда. Бутунжаҳон метеорология ташкилоти эса жорий ҳодисанинг энг кучли «Эль-Ниньо»лардан бири бўлиши эҳтимолини 83 фоиз деб баҳолаган.

