Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳусийлар томонидан Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги Подшоҳ Холид халқаро аэропортига амалга оширилган ҳужумни қатъий қоралади.
Вазирлик ҳужум оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлгани ва жароҳатланганидан чуқур қайғуда эканини билдириб, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирди. Жабрланганларга ҳамдардлик билдирилиб, уларнинг тезроқ ва тўлиқ соғайиб кетиши тилаган.
Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Саудия Арабистонининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Шунингдек, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси объектларига ҳужум қилиш халқаро ҳуқуқ нормаларининг жиддий бузилиши эканини қайд этди.
Ўзбекистон барча томонларни вазминликка, кескинликнинг янада авж олишига йўл қўймасликка ва келишмовчиликларни халқаро ҳуқуқ ҳамда БМТ Низоми тамойиллари асосида дипломатик йўл билан ҳал этишга чақирди.
Вазирлик Ўзбекистон Саудия Арабистони халқи ва Ҳукумати билан бирдам эканини, минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга содиқлигини билдирди.

