Бокс бўйича уч вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони, Пуэрто-Рико вакили Вильфредо Гомес 69 ёшида вафот этди. У 70 ёшини нишонлашига уч ҳафтадан кам вақт қолганида ҳаётдан кўз юмди.
Гомес 1989 йилда якунлаган профессионал фаолияти давомида жами 48 та жанг ўтказган. Унинг ҳисобига 44 та ғалаба, шундан 42 таси нокаут билан, шунингдек, 3 та мағлубият ва 1 та дуранг қайд этилган.
Боксчи WBC версияси бўйича иккинчи енгил вазн тоифасида (55,22 кггача) 1977–1983 йилларда, ярим енгил вазнда (57,15 кггача) эса 1984 йилда жаҳон чемпиони бўлган. Шунингдек, WBA версияси бўйича иккинчи ярим енгил вазн тоифасида 1985–1986 йилларда чемпионлик камарига эгалик қилган.
Гомеснинг энг диққатга сазовор натижаларидан бири — WBC чемпионлик унвонини 17 марта ҳимоя қилгани ва барча ҳимояларни нокаут билан якунлаганидир.
У профессионал боксга ўтишидан аввал ҳам тарихга кирган. 1974 йилда Гомес ҳаваскорлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғалаба қозониб, Пуэрто-Рикодан бу мусобақада чемпион бўлган биринчи спортчига айланган.
Боксдаги улкан хизматлари ва спорт ривожига қўшган кўп йиллик ҳиссаси эътирофи сифатида Гомес 1995 йилда Халқаро бокс шон-шараф залига киритилган.

