Тошкент шаҳридаги “Заковат арена” мажмуасида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тизимидаги корхона ва ташкилотлар ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал мусобақаси бўлиб ўтди. Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) мезбонлик қилган мазкур беллашувда 13 та корхона ва ташкилотдан 25 та жамоа иштирок этди.
Мусобақа ташкил этилишидан асосий мақсад соҳа ходимларининг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, дунёқарашини кенгайтириш, мантиқий ва таҳлилий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш бўлди.
Тадбир аввалида иштирокчиларга Ўзбекистонда критик минераллар саноатини ривожлантириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида ТМК томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, шунингдек, ушбу жараёнларда ёш мутахассисларнинг ўрни ҳақида видеоролик ва тақдимотлар намойиш этилди.
Бугунги кунда ТМК волфрам, молибден, рений, графит каби 30 дан ортиқ турдаги критик минералларни ўзлаштириш, чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотларга айлантириш бўйича ишламоқда. Комбинат томонидан амалга оширилаётган “Келажак металлари технопарки”, “R&D Park”, “Smart Powder” ва “TMK Chemicals” каби йирик лойиҳалар мамлакатимизда инновацион ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва глобал қиймат занжирларига интеграциялашувни жадаллаштиришга қаратилган.
Мазкур вазифаларни амалга оширишда замонавий билим ва кўникмаларга эга янги авлод мутахассисларини тайёрлаш муҳим ўрин тутади. Бугун ТМК жамоасининг қарийб 30 фоизини ёшлар ташкил этади. Улар геология-қидирув, илмий тадқиқотлар, лаборатория таҳлиллари, металлургия, рақамли технологиялар ва ишлаб чиқаришни бошқариш каби йўналишларда фаолият юритмоқда.
Комбинатда ёш кадрларнинг профессионал ривожланиши ва халқаро тажрибани эгаллаши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, ТМКнинг 100 нафар ходими TMKning 100 nafar xodimi Massachusetts Institute of Technology (MIT) дастурлари доирасида сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва илғор муҳандислик йўналишлари бўйича таҳсил олмоқда. Ёш мутахассислар Жанубий Корея, АҚШ, Хитой ва бошқа мамлакатларда малака ошириб, замонавий саноат технологиялари ва илғор тажрибаларни ўзлаштирмоқда.
Шунингдек, ТМК ташаббуси билан ташкил этилган Технологик металлар олий мактабида 28 нафар талаба бакалавриат ва магистратура босқичларида таҳсил олмоқда. Халқаро дастурлар ва дуал таълим тизими асосида ташкил этилган ўқув жараёнлари назарий билимларни бевосита ишлаб чиқариш амалиёти билан уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда.
ТМКнинг ёшларга оид сиёсатида нафақат касбий билим ва малака, балки мустақил фикрлаш, интеллектуал салоҳият, ташаббускорлик ва лидерлик кўникмаларини ривожлантиришга ҳам устувор аҳамият қаратилади. Шу жиҳатдан “Заковат” каби интеллектуал мусобақалар ёш мутахассисларнинг салоҳиятини юзага чиқариш, билим алмашиш ва жамоавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим майдон ҳисобланади.
Қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлган интеллектуал беллашув якунида Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети жамоалари ғолибликни қўлга киритиб, “Заковат” кубоги соҳибига айланди. ТМКнинг “Келажак лидерлари”, “Нодир зеҳнлар” ва “Саноат келажаги” жамоалари ҳам муносиб иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этди. Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан тақдирланиб, уларга эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) мусобақани юқори савияда ташкил этгани учун “Заковат” интеллектуал клуби томонидан махсус ташаккурнома билан тақдирланди. Замонавий саноат тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи билим, инновация ва интеллектуал капиталдир. Бу каби ташаббуслар Ўзбекистоннинг тоғ-кон ва металлургия саноатида янги авлод мутахассисларини шакллантириш ҳамда мамлакатнинг технологик тараққиёти учун мустаҳкам кадрлар салоҳиятини яратишга хизмат қилади.
