Панамада 12 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 18:20 да 6,4 магнитудали зилзила қайд этилди. Бу ҳақда Панама университети Геофанлар институтининг расмий сайтида дастлабки маълумотлар эълон қилинган.
Зилзила ўчоғи 5 километр чуқурликда, Сона шаҳрининг жануби-ғарбий қисмида, ундан 32 километр масофада жойлашган. Ер силкиниши мамлакатнинг Тинч океани соҳилига яқин ҳудудида, Верагуас ва Чирики провинциялари атрофида қайд этилган.
Мазкур зилзила мамлакатда уч кун олдин содир бўлган кучли ер силкинишидан кейин юз берди.
9 октябрь куни Панамада содир бўлган зилзила оқибатида инфратузилма объектларига зарар етган, ўнлаб одамлар жароҳатланган эди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар йўқ. Шу билан бирга, минтақадаги муҳим логистика объекти фаолиятини давом эттирмоқда.
9 октябрдаги зилзила оқибатида 400 дан ортиқ бино шикастланган. Улар орасида 142 та турар жой, 188 та мактаб, шунингдек, шифохоналар, черковлар, давлат муассасалари ва автомобиль йўллари бор.
Пенономе шаҳридаги Сан-Хуан-Баутиста соборининг минораларидан бири ҳам қулаб тушган.
13 октябрь ҳолатига кўра, 12 октябрдаги янги зилзила оқибатида етказилган зарар ва эҳтимолий жабрланганлар ҳақида қўшимча маълумотлар келтирилмаган.

