Ўзбекистонда белгиланган талабларга жавоб берувчи транспорт-логистика марказлари 2040 йилгача ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади. Бу Президентнинг 2026 йил 12 октябрдаги ПҚ–368-сон қарорида белгиланган.
Имтиёздан фойдаланиш учун марказлар ЭСКАТОнинг қуруқлик портлари тўғрисидаги битимига киритилган, тегишли бошқарув тизимларини жорий этган ва Транспорт вазирлигининг «E-logistika» платформасида «BB» ёки ундан юқори рейтингга эга бўлиши шарт.
Қарор билан 2030 йилгача транспорт-логистика марказларининг йиллик қувватини камида 40 млн тоннага етказиш, транспорт ва логистика хизматлари экспортини 3,5 млрд долларга, мамлакат ҳудуди орқали транзит юк ташиш ҳажмини эса 18,5 млн тоннага ошириш мақсад қилинган.
Шунингдек, халқаро қуруқлик портлари сони 24 тадан 30 тага етказилади. Давлат чегарасидаги ўтказиш пунктларининг юк ташиш қобилияти ва логистика марказларида контейнерларга ишлов бериш қуввати икки баробар оширилади.
Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри, Бухоро вилоятининг Олот тумани, Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани ҳамда Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Оҳангарон туманлари транспорт-логистика соҳасига ихтисослаштирилади.
Бундан ташқари, логистика марказлари реестрига киритилган корхоналар 2029 йил 1 августгача мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган омборхона ускуналари, юк ортиш-тушириш техникаси, агрегатлар ва эҳтиёт қисмларни божхона божи ҳамда мажбурий сертификатлашдан озод этилган ҳолда олиб кириши мумкин.
2026 йил 1 ноябрдан халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш йиғими 20 фоизга пасайтирилади. Шунингдек, 2027 йил 31 декабргача M₂, M₃ ва N тоифадаги транспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналар республикада ишлаб чиқарилмайдиган бутловчи қисмларни божхона божисиз импорт қилиши мумкин.

