Тошкент шаҳрида 2030 йилгача 40 мингта қўшимча боғча ўрни яратиш режалаштирилмоқда. Бунинг натижасида мактабгача таълим билан қамровни 92 фоизга етказиш мақсад қилинган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган лойиҳаларда маълум қилинди.
Қайд этилишича, пойтахтда 3–7 ёшли болалар сони 253 мингтани ташкил этади. Ҳозирда уларнинг мактабгача таълим билан қамрови 79,2 фоиз бўлиб, боғчалардаги ўринлар танқислиги 65 мингтага етган.
Режага кўра, қўшимча ўринларнинг 8 мингтаси республика бюджети, 32 мингтаси эса маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан яратилади.
Шунингдек, 2026–2027 ўқув йили учун умумий майдони 32 минг квадрат метр бўлган, жами 16 минг ўринли 28 та янги боғчанинг лойиҳалари тайёрланган.
Янги боғчаларнинг намунавий лойиҳаларига болаларнинг ривожланиши ва саломатлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган 14 та янги ечим киритилмоқда. Жумладан, сенсор ва логопед хоналари, психологик-педагогик ёрдам кўрсатиш жойлари, тиббий блоклар ҳамда турли машғулотларга мослаштириладиган заллар ташкил этилади.
Бундан ташқари, болалар хавфсизлигини таъминлаш учун видеокузатув тизимлари ва жароҳатдан ҳимояловчи қопламалар, қулай муҳит яратиш учун ҳаво тозалагичлар, энергия тежамкор ёритиш тизимлари ҳамда қуёш панеллари ўрнатилиши режалаштирилган. Қайд этилишича, янги ечимлар боғчаларнинг намунавий лойиҳалари самарадорлигини 38 фоизга ошириш имконини беради.

