Данияда кибержиноятчи IT-компания аккаунти орқали давлат маълумотлар базасига ноқонуний кириб, 8,8 миллионта ёзувни кўчириб олган. Ҳужумга сабаб бўлган омиллардан бири аккаунтда ўта содда — «123456» паролидан фойдаланилгани бўлган.
Хакер Даниянинг давлат маълумотлар базасига Pays ApS IT-компаниясининг бузиб кирилган корпоратив аккаунти орқали киришга муваффақ бўлган.
Копенгаген расмийлари киберҳужум содир бўлганини тасдиқлаган. Ҳодиса ҳақида эса қарийб икки ҳафта ўтгач, корпоратив аккаунт фаоллигида ғайриоддий даражадаги юқори кўрсаткичлар аниқланганидан кейин маълум бўлган.
The Register нашри ёзишича, Дания ҳукумати маълумотларига кўра, ҳужумчи маълумотлар базасидан 8,8 миллионта ёзувни ноқонуний равишда кўчириб олган.
Хакер ўғирланган маълумотларни сотиш ёки ошкор қилиш ниятида эмаслигини билдирган. Pays ApS компанияси бош директори Софи Лаурсен ҳам ҳужумчи маълумотлар базасидан катта ҳажмдаги маълумотларни юклаб олиш учун компаниянинг корпоратив аккаунтига берилган ҳуқуқлардан фойдаланганини тасдиқлаган.

