Покистоннинг Пешовар шаҳрида хусусий мактаб томининг қулаб тушиши оқибатида 30 киши, жумладан, 29 нафар ўқувчи ва бир нафар ўқитувчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий тиббиёт муассасалари маълумотларига таяниб, Geo TV телеканали хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳалок бўлган ўқувчиларнинг аксарияти 13 ёшга ҳам тўлмаган. Яна 45 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохоналарга ётқизилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, фожиага бино қурилишида йўл қўйилган қоидабузарликлар ва хатолар сабаб бўлган бўлиши мумкин. ARY News телеканали хабар беришича, хусусий таълим муассасаси эгаси тергов ҳаракатлари ва кўрсатма олиш учун полиция томонидан ушланган.
Ҳодиса жойида қутқарув ишлари давом этмоқда. Мактаб тор кўчада жойлашгани сабабли оғир махсус техникаларнинг ҳодиса жойига етиб бориши қийинлашган. Шу боис қутқарувчилар бетон бўлакларини асосан қўлда олиб ташлаб, вайроналар остида қолган одамларни қидирмоқда.

