Туркиянинг Истанбул шаҳрида кучли ёмғир оқибатида сув тошқини юз берди. 1942 йилдан бери кузатилмаган даражадаги ёғингарчилик натижасида шаҳарнинг бир қатор ҳудудларини сув босди.
Маълумотларга кўра, ёғингарчилик миқдори айрим жойларда 260 миллиметрдан ошган. Сув тошқини оқибатида тахминан 1500 та уй ва хонадонни сув босган.
Фавқулодда ҳодисалар натижасида икки киши ҳалок бўлган. Улардан бири 14 ёшли ўсмир бўлиб, электр токи уриши оқибатида вафот этган.
Кучли ёмғир транспорт ҳаракатига ҳам жиддий таъсир кўрсатган. Истанбулга келиши керак бўлган 50 дан ортиқ самолётнинг йўналиши ўзгартирилган, 20 га яқин рейс эса бекор қилинган. Айрим таълим муассасаларида дарслар ҳам тўхтатилган.
Шаҳардаги Садабод масжидини ҳам сув босган. Об-ҳаво маълумотларига кўра, Истанбулда яна кучли ёмғир ёғиши кутилмоқда.

