Австралияда Макс Б. исмли фуқаро давлат идоралари йўл қўйган маъмурий хато сабабли мигрантларни сақлаш марказида 945 кун қамоқда бўлди. Ҳуқуқий мақоми бир неча бор текширилганидан кейингина унинг Австралия фуқароси экани тасдиқланган.
Маълум қилинишича, у 1989 йилда Австралияда Янги Зеландия фуқаролари оиласида туғилган. Ота-онаси уни чақалоқлигида хорижга олиб кетган, 1992 йилда эса оила мамлакатга қайтган.
Австралия қонунчилигига кўра, у 10 ёшга тўлганида автоматик равишда фуқароликни қўлга киритган. Бироқ 2018 йилда жиноят содир этгани учун қамоққа олинганида, давлат хизматчилари унинг ҳуқуқий мақомини қайта текширган. Болалигида мамлакатдан олиб чиқиб кетилгани сабабли уни хато равишда чет эл фуқароси сифатида қайд этишган.
2022 йилда қамоқ муддати тугаганидан кейин ҳам эркак озодликка чиқарилмаган. Аксинча, у мамлакатда ноқонуний бўлиб турган мигрант сифатида махсус сақлаш марказига ўтказилган. Давлат идоралари уни депортация қилишга уриниб келган. Фақат тўртинчи текширувдан сўнг унинг Австралия фуқароси экани узил-кесил тасдиқланган.
Австралия омбудсманининг ҳисоботида Ички ишлар вазирлиги фаолиятидаги тизимли камчиликлар ҳам қайд этилган. Ҳужжатда шунга ўхшаш ҳолат яна бир фуқаро — Макс А. билан ҳам содир бўлгани кўрсатилган. У ҳам нотўғри маълумотлар асосида 304 кун давомида сақлаш марказида ушлаб турилган.
Бундан ташқари, давлат идоралари ўртасида маълумот алмашишдаги бюрократик кечикишлар туфайли яна 18 киши камида бир сутка давомида ноқонуний равишда озодликдан маҳрум этилган.
ABC телерадиокомпанияси хабар беришича, омбудсман Австралия Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш учун шошилинч чоралар кўришни тавсия қилган. Шунингдек, у жабрланганлардан расман узр сўраш ва уларга муносиб товон пули тўлашга чақирган.

