Айрим такси агрегаторларида кузатилган техник носозликлар ортидан тиғиз вақтларда йўлкира нархлари бир неча бараварга ошди. Рақобат қўмитаси ҳолат юзасидан ўрганиш бошлади.
Қўмита матбуот хизматининг маълум қилишича, сўнгги кунларда йирик такси агрегаторларидаги техник муаммолар фонида бошқа хизматларда ҳам нархлар кескин кўтарилган. Бу эса йўловчиларнинг эътирозларига сабаб бўлган.
Ўрганиш давомида нархлар ошишининг асослилиги ва агрегаторлар томонидан рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилаётгани текширилмоқда.
Рақобат қўмитаси агрегаторларни нарх белгилаш алгоритмларини қайта кўриб чиқишга ҳамда йўлкира нархларининг кескин ва сунъий ошишига йўл қўймасликка чақирди.
Шунингдек, ҳайдовчилар маблағларини ўз ҳисобларига ўтказишдаги техник носозликларни бартараф этиш, асоссиз блокланган ҳайдовчиларни блокдан чиқариш ва бажарилган буюртмалар учун бонусларни қайта ҳисоблаб, тўлаб бериш сўралди.
Қўмита агрегаторларга ҳайдовчилар ва йўловчилар учун кеча-ю кундуз ишлайдиган техник ёрдам марказлари фаолиятини таъминлаш ҳамда инсофсиз рақобатга йўл қўймаслик зарурлигини билдирган.
Қонунчилик талаблари бузилгани ёки истеъмолчилар ҳуқуқлари поймол этилгани аниқланса, белгиланган тартибда текширув ўтказилиб, тегишли чоралар кўрилади.

