«Ҳар бир ўзбекнинг ўғли ҳам, қизи ҳам ҳаётдан қўрқмасин. Келин қайнонаси билан бемалол гаплаша олсин, уни душман деб эмас, ҳаёт тажрибасига эга инсон деб билсин», — дейди Ogoh.uz билан суҳбатда 40 йиллик шифокорлик тажрибасига эга акушер-гинеколог ва ёзувчи Маърифат Алиева. У оилавий муносабатлар, қизларни турмушга тайёрлаш, фарзанд тарбияси ва аждодлар илми ҳақида фикр билдирди.
Маърифат Алиеванинг фикрича, қайнона-келин муносабатларини фақат жанжал ва келишмовчиликлар орқали кўрсатиш ёшларнинг оила ҳақидаги тасаввурларига салбий таъсир қилиши мумкин. Унинг айтишича, бундай тасвирлар туфайли турмуш қуришдан қўрқаётган қизлар ҳам бор.
«Мен жуда ақлли, олий маълумотли, илмли, пазанда ва ҳар томонлама яхши бир қиз билан суҳбатлашишимга тўғри келди. “Нимага турмушга чиқмаяпсиз?” деб сўрадим. Совчиларнинг кети узилмас экан. Сабабини сўрасам, “Қўрқаман”, деди. “Нимадан қўрқасиз?” десам, “Ҳамма қайноналар билан келинлар жанжаллашар экан. Шундай вазият бўлса, нима қилишни билмайман”, деди», — дейди Маърифат опа.
Унинг фикрича, қайнона-келин муносабатларидаги муаммоларни фақат бир томоннинг айби сифатида кўрсатиш тўғри эмас. Оилада ўзаро ҳурмат, сабр ва тушуниш бўлиши, келин ҳам қайнонаси билан ўзини қийнаётган масалаларни очиқ муҳокама қила олиши керак.
Алиева қайнона ва келин бир-бирига душман сифатида қарамаслиги, аксинча, ҳаётнинг турли босқичларида бир-бирига суянч бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Унинг айтишича, қайнона фарзанд тарбияси ва рўзғор борасидаги тажрибаси билан келинга ёрдам беради, келин эса қайнонаси кексайганида унга ғамхўрлик қилиши мумкин.
«Ҳар қанча жонидан ортиқ севаман деб уйланган жуфти келинга қайнона берганчалик ёрдам беролмайди, ҳомиладор пайтига, ёш болали пайтида. Чунки унга илм йўқ, қайноналар эса ҳаммасини ўз бошидан ўтказган, ҳаёт китобини ўқиб чиққан, олтита-еттита фарзанд катта қилган», — дейди у.
Унинг фикрича, оилада келишмовчиликлар бўлиши табиий, аммо уларни жанжалга айлантирмасдан, ўзаро мулоқот ва адолат билан ҳал қилиш муҳим. Бу жараёнда эркаклар ҳам масъулиятни ҳис қилиб, зарур пайтда икки томонни яраштиришга ҳаракат қилиши керак.
«Ҳақиқий ҳаёт сабоғини сиз билан биз беришимиз керак»
Маърифат Алиева ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашда таълимнинг ўрнига ҳам алоҳида тўхталди. Унинг фикрича, никоҳдан олдин бўлажак келин ва куёвлар учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш, уларга оилавий масъулият, ўзаро муносабатлар ва фарзанд тарбияси ҳақида билим бериш фойдали бўлади.
«Балки турмушдан олдин уч ойлик ўқув курсларини ташкил қилишимиз керакдир. Никоҳга тайёрлов курсларига келин билан куёв бирга борсин. Аввалига алоҳида ўқитилсин, кейин иккаласи бирга бир неча дарс олсин, ҳаёт сабоғини ўргансин. Ҳар хил сериаллар ва кинолар болаларга шаҳвоний сабоқларни бериб ташлади, лекин ҳақиқий ҳаёт сабоғини сиз билан биз беришимиз керак», — дейди Алиева.
У қизларга ўсмирлик давриданоқ шахсий гигиена, камқонлик, ҳомиладорлик, она сутининг аҳамияти ва чақалоқ парвариши ҳақида тўғри билим бериш зарурлигини ҳам таъкидлайди. Унинг айтишича, бу билимлар қизларни нафақат турмушга, балки оналик масъулиятига ҳам тайёрлайди.
«Ибн Сино» романи — ўн йиллик изланишлар маҳсули
Маърифат Алиева 40 йиллик шифокорлик фаолияти билан бирга бадиий ижод билан ҳам шуғулланган. У аёллар ҳаётидаги муаммоларни ҳикоялар орқали ёритган, шунингдек, Абу Али ибн Сино ҳаёти ва илмий меросини ўрганиб, «Ибн Сино» романини ёзган.
Унинг айтишича, асарни яратиш учун Хоразм, Афшона ва Бухорода бўлиб, архив материалларини ўрганган. Роман устида ўн йил давомида изланиш олиб борган.
Алиева буюк аждодлар ҳаётини ўрганиш ёшларга илмга интилиш ва жамият манфаатини устун қўйишни ўргатишини таъкидлайди.
«Ёшларга шуни таклиф қиламанки, олимлар ҳаётини ўрганинг. Ҳамма бойлик кетади. Ҳамма бойлик эҳсон қилган сари камайиб тугайди, лекин илм қанча кўп эҳсон қилсангиз, шунча кўпаяверади», — дейди Маърифат Алиева.

