АҚШнинг Канзас штатидаги Уичито шаҳрида футбол учрашуви вақтида автомобиль трибуналар ва ўйин майдонига кириб кетди. Оқибатда икки киши, жумладан, бир бола ҳалок бўлди, бир неча киши жароҳатланди.
Полиция маълумотига кўра, жароҳатланган томошабинлар шифохонага олиб кетилган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳайдовчини қўлга олган. Ҳодиса вақтида автомобиль салонида вояга етмаган икки нафар йўловчи ҳам бўлган.
Reuters агентлигининг хабар беришича, ҳайдовчининг нима сабабдан бундай ҳаракатга қўл ургани ҳозирча маълум эмас.
Полиция ҳодиса оқибатида кўплаб одамлар жабрланганини маълум қилган. Айни пайтда жамоат хавфсизлигига бевосита таҳдид мавжуд эмаслиги билдирилган.
Ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

