Испаниянинг Валенсия ва Аликанте ҳудудларида кучли ёмғирлар оқибатида йирик сув тошқинлари юз берди. Айрим жойларда ҳар квадрат метрга 500 литрдан ортиқ ёғин тушди. Оқибатда дарёлар ўз ўзанидан тошиб, аҳоли яшаш ҳудудларини сув босди, минглаб автомобиллар яроқсиз ҳолга келди.
«Адам» бўрони оқибатида Испанияда тўрт киши ҳалок бўлди. Энг кўп зарар кўрган ҳудудларда аҳоли эвакуация қилинмоқда, мактаблар ёпилмоқда ва ҳаракатланиш чекланмоқда.
Валенсия вилоятининг 145 та муниципалитетида фавқулодда вазият режими жорий этилган бўлиб, бу чоралар тахминан 900 минг кишига таъсир кўрсатмоқда. 100 мингдан ортиқ ўқувчи учун дарслар тўхтатилган. Ҳокимият аҳолини кўчага чиқмасликка ва об-ҳаво яхшилангунига қадар биноларнинг юқори қаватларида қолишга чақирди.
Аликанте вилоятида эса сув оқимлари бир кечада минглаб автомобилларни яроқсиз ҳолга келтирди. Турар жойларни сув босиши оқибатида аҳоли уйларидан мебель ва бошқа буюмларни олиб чиқишга уринмоқда. Қутқарувчилар Валенсиядаги айрим аҳоли пунктларига вертолёт ва қайиқларда етиб бормоқда.
Маҳаллий аҳоли табиий офат оқибатларидан қаттиқ азият чекаётганини билдирмоқда. Айримлар уй-жойи ва автомобилларидан айрилган.
Испаниянинг ушбу ҳудудида бундай кучли ёғингарчилик икки йил аввал ҳам кузатилган эди. Ўшанда юз берган сув тошқинлари 241 кишининг ҳаётига зомин бўлган. Олимлар бундай экстремал ёғингарчилик ҳолатларини иқлим ўзгариши билан боғламоқда.
Мексикада ҳам сув тошқинлари одамлар ҳаётига зомин бўлди
Мексиканинг Веракрус штатида юз берган тўсатдан сув тошқинлари оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлди.
Дарёлар ўз ўзанидан тошиб, шаҳар ва қишлоқларни сув босди. Вилья-Альенде шаҳрида кўчки оқибатида уй девори қулаб, тўрт нафар аёл ҳалок бўлган. Лас-Чоапас шаҳрида эса электр таъминоти узилиши вақтида ишлатилган генератордан чиққан ис газидан олти киши заҳарланиб вафот этди.
Штатнинг жанубий қисмидаги 29 та муниципалитетда мактабларда дарслар тўхтатилди. Маҳаллий ҳокимият аҳолини эвакуация қилиш кўрсатмаларига амал қилишга ва хавфсиз жойларга кўчишга чақирмоқда. Ёғингарчилик давом этиши кутилмоқда.

