Ўзбекистонлик журналистлар AFP тажрибаси билан танишди. Францияда бўлиб турган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси делегацияси аъзолари дунёдаги етакчи ахборот агентликларидан бири Agence France-Presse (AFP) фаолияти билан танишди.
AFP вакиллари билан мулоқотда рақамли журналистика, фактчекинг ва ахборотнинг ишончлилигини таъминлаш масалалари юзасидан ўзаро тажриба алмашилди.

Учрашув якунида Агентлик келгусида ўзбекистонлик журналистлар учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш ва Ўзбекистонда ўз мухбирлик бюросини очиш истагини билдирди.
AFP — 1944 йилда ташкил этилган, дунёнинг етакчи учта ахборот агентлигидан бири. Дунё бўйлаб агентликнинг 210 та бюроси фаолият юритади.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вакилларини Франция Европа ва ташқи ишлар вазирлигининг Коммуникациялар ва матбуот департаменти директори Эммануэль Лебрун-Дамиен қабул қилди.

Учрашув давомида халкаро коммуникация тенденциялари, Ўзбекистон ва Франция оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, журналистлар тажриба алмашувига қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси делегацияси Францияга сафари доирасида Жамоатчилик билан алоқалар бўйича Европа институти директори Татьяна Лебедева билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида Уюшма ва Институт ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, биргаликда журналистлар учун рақамли медиа, коммуникация бўйича ўқув курсларини ташкил этиш, Ўзбекистон медиа соҳаси вакилларининг Европа ОАВларида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Татьяна Лебедева 2014 йилдан буён Жамоатчилик билан алоқалар бўйича Европа институтига раҳбарлик қилиб келмоқда. У коммуникация соҳаси олими, халқаро дастурлар мутахассиси ва кўплаб китоблар муаллифи сифатида танилган.

