Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Ўқитувчи ва ўқувчилар психологик диагностикадан ўтказилади, вазирликда Call-марказ очилади

21.10.2026 15:14

18

Ўқув йили давомида психологик барқарорликни таъминлашда юқори натижаларга эришган 150 нафар ментор психолог меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 20 баравари миқдорида бир марталик мукофот билан рағбатлантирилади.

Ўзбекистонда таълим тизимида психологик хизматни ривожлантириш, ўқитувчи ва ўқувчиларни мунтазам психологик диагностикадан ўтказиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлашни такомиллаштириш бўйича янги чоралар белгиланди. Бу Президентнинг 19 октябрда қабул қилинган ПҚ–379 ва ПҚ–380-сон қарорларида назарда тутилган.

Педагог ва ўқувчилар ҳар йили психологик диагностикадан ўтказилади

«Узлуксиз таълим тизимида психологик хизмат соҳасини илмий асосда ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга мувофиқ, таълим ташкилотларининг педагоглари ва ўқувчилари бир ўқув йилида камида бир марта мақсадли психологик диагностикадан ўтказилади.

Бу тартиб 2026/2027 ўқув йилидан мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида, 2027/2028 ўқув йилидан эса ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотларида жорий этилади.

Диагностика махсус электрон платформа орқали ўтказилиб, натижалар сунъий интеллект технологиялари ёрдамида таҳлил қилинади. Иштирокчилар «психологик барқарор», «психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож» ва «фаол психологик қўллаб-қувватлаш зарур» гуруҳларига ажратилади.

Психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож шахсларга таълим ташкилоти психологи, фаол психологик ёрдам зарур бўлганларга эса ҳудудий ментор психолог бириктирилади. Бунда шахсга доир маълумотлар ва диагностика натижаларининг сир сақланиши таъминланади.

Таълим ташкилотлари психологик хизмат ходимлари ҳар беш йилда камида бир марта малакасини ошириши шарт. Каскадли малака ошириш курсларида ўқитувчи сифатида иштирок этган психологларга асосий иш жойидаги лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида устама тўланади.

Ўқув йили давомида психологик барқарорликни таъминлашда юқори натижаларга эришган 150 нафар ментор психолог меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 20 баравари миқдорида бир марталик мукофот билан рағбатлантирилади.

Шунингдек, Психология илмий-тадқиқот институти ташкил этилади. 2027 йил 1 январдан институтда рақамли психология ва сунъий интеллект, таълим психологияси ва психологик хизмат, психологик саломатлик ва профилактика лабораториялари фаолияти йўлга қўйилади.

Вазирликда Call-марказ ва жамоатчилик кенгаши ташкил этилади

«Таълим ва илм-фан вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга кўра, вазирликда аҳоли мурожаатлари, шикоятлари, таклифлари ва эътирозларини қабул қилиш ҳамда тегишли ташкилотларга йўналтириш учун аутсорсинг асосида Call-марказ ташкил этилади.

Шунингдек, аҳоли ва таълим-илм-фан тизими ходимлари билан тизимли мулоқот ўрнатиш, таълим хизматлари сифати ва оммабоплигини баҳолаш, мавжуд муаммолар ҳақида тезкор маълумот олиш учун қайта алоқа тизими йўлга қўйилади.

Вазир ҳузурида таълим олувчилар, талабалар, ота-оналар, педагоглар ва иш берувчилар вакилларидан иборат Таълим бўйича жамоатчилик кенгаши тузилади. Вазирлик ҳайъати эса вазир, унинг ўринбосарлари, вазирлик ҳузуридаги агентликлар директорлари, етакчи олий таълим ташкилотлари ректорлари, олимлар ва педагоглардан иборат 15 нафар аъзони қамраб олади.

Қарор билан вазирга 2027 йил 1 февралга қадар вазирлик марказий аппаратига ходимларни тўғридан-тўғри суҳбат асосида ишга қабул қилиш ваколати ҳам берилади.

Бундан ташқари, Президент Администрацияси ҳузурида инсон капиталини ривожлантириш ва узлуксиз таълим стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича махсус ишчи гуруҳ ташкил этилади.

Вазирлик ҳузурида Инсон капиталини ривожлантириш жамғармаси, Таълим ва илм-фан бўйича стратегик тадқиқотлар ва баҳолаш маркази ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ташкил этилади. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Таълимни ривожлантириш маркази фаолияти эса тугатилади.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган