Австралиянинг Янги Жанубий Уэльс штати парламенти вафот этган инсон жасадини компостга айлантиришга рухсат берувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Янги тартиб 2028 йилдан кучга кириши кутилмоқда.
Мазкур усулдан фойдаланишнинг асосий шарти — инсон вафотидан олдин жасадини шу тарзда қайта ишлашга ёзма равишда олдиндан розилик берган бўлишидир.
Жараёнда жасад пичан, ёғоч қипиғи ёки беда каби органик материаллар солинган махсус идишга жойлаштирилади. Идиш ичидаги ҳарорат босқичма-босқич оширилиб, табиий парчаланиш жараёни тезлаштирилади. Кейин суяклар майдаланиб, ҳосил бўлган массага қўшилади. Тиббий имплантлар каби парчаланмайдиган элементлар эса ажратиб олинади.
Тайёр компост марҳумнинг яқинларига топширилади. Улар бундан ўғит сифатида ўз ер майдонига фойдаланишлари ёки уни боғлар, парклар ва қўриқхоналарга ҳадя қилишлари мумкин.
Ташаббус муаллифлари ушбу амалиёт қабристонлардаги жой танқислигини камайтиришга ва анъанавий дафн маросимлари харажатларини қисқартиришга ёрдам беришини таъкидламоқда. Бу ҳақда The Sydney Morning Herald нашри хабар берди.
Бироқ қонун лойиҳаси айрим депутатларнинг эътирозларига ҳам сабаб бўлди. Австралия Либерал партияси вакили Сьюзан Картер инсон жасадини фақат озуқа моддалари йиғиндиси сифатида баҳолаш мумкин эмаслигини таъкидлаб, ташаббуснинг ахлоқий жиҳатларига шубҳа билдирди.
Нашр маълумотига кўра, инсон жасадини компостга айлантириш амалиёти Германиянинг Шлезвиг-Гольштейн ҳудудида ва АҚШнинг 14 та штатида қонуний ҳисобланади.

