Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Янги алифбо 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан иборат бўлади.
21 октябрь куни қабул қилинган ЎРҚ–1184-сонли қонунга кўра, амалдаги 26 та ҳарф ва 3 та ҳарф бирикмасидан иборат алифбо ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топган алифбо жорий этилади.
Хусусан, янги алифбода O‘, G‘, Sh ва Ch ўрнига мос равишда Ö ö, Ğ ğ, Ş ş ва Ç ç ҳарфлари қўлланилади.
Янги алифбо қуйидаги ҳарфлардан иборат:
A a, B b, D d, E e, F f, G g, Ğ ğ, H h, I i, J j, K k, L l, M m, N n, O o, Ö ö, P p, Q q, R r, S s, Ş ş, Ç ç, T t, U u, V v, X x, Y y, Z z ва ’ (тутуқ белгиси).
Қонунда янги алифбога ўтиш жараёнида ортиқча харажатларнинг олдини олиш чоралари ҳам белгиланган.
Жумладан, қонун кучга киргунига қадар амалдаги алифбода расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозлар ўз кучида қолади. Уларда ҳарфларнинг аввалги шакллари мавжудлиги улардан фойдаланишга тўсқинлик қилмайди.
Шунингдек, давлат ташкилотларининг рамзий белгилари, бинолардаги айрим атрибутлар, географик объектлар номлари туширилган пешлавҳа ва кўрсаткичлардан улар яроқсиз ҳолатга келгунига ёки белгиланган муддатга қадар фойдаланиш мумкин бўлади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

