АҚШда вазн камайтириш учун махсус препаратлар қабул қилаётган одамлар кийим-кечак харидига камроқ пул сарфламоқда. Улар янги кийим сотиб олиш ўрнига эскиларини қайта тикиш, ўлчамини мослаштириш ёки секонд-хенд дўконларидан кийим харид қилишни афзал кўрмоқда.
Бунга инфляция, нархларнинг ошиши ва оздирувчи препаратлар харажатларининг юқорилиги сабаб бўлмоқда. «Оземпик» каби GLP-1 гуруҳига мансуб дориларни қабул қилиш айрим беморлар учун қимматга тушади. Шу билан бирга, баъзи иш берувчилар харажатларни камайтириш мақсадида бундай препаратларни корпоратив тиббий суғурта доирасидан чиқармоқда.
Trimi платформаси тадқиқотига кўра, сўровда қатнашганларнинг қарийб 80 фоизи янги кийим харид қилишга шошилмаяпти. Улар вазн камайиши натижасида ўлчами катта бўлиб қолган кийимларини кийишда давом этмоқда. Айримлари гардеробини янгилашни эски кийимлари энди мос келмай қолганидан камида олти ой ўтгач режалаштирмоқда.
Бу тенденция қайта сотиладиган товарлар бозори ва кийимларни таъмирлаш хизматларига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Ишлатилган буюмлар маркетплейсининг стратегик директори Алон Ротемнинг таъкидлашича, дори воситалари ёрдамида вазн камайтириш секонд-хенд маҳсулотларига талаб ошишига таъсир қилаётган омиллардан бирига айланган.
Кийим ва чарм буюмларини таъмирлаш хизмати раҳбари Стивен Келли эса ўтган йилга нисбатан камарларни қисқартириш бўйича буюртмалар икки хонали фоизда ошганини билдирган.
«Оземпик», «Мунжаро» ва шу каби препаратлар иштаҳа ҳамда қондаги қанд миқдорини бошқариш жараёнларига таъсир қилади. Уларнинг айримлари дастлаб 2-тур қандли диабетни даволаш учун қўлланилган. Кейинчалик эса ушбу гуруҳдаги айрим дорилар семизликни даволаш ва вазн камайтириш мақсадида ҳам кенг қўллана бошлаган.

