Франция мақомотлари Шамонда вирусини юқтириш оқибатида инсон вафот этгани ҳақидаги дунёдаги илк ҳужжатлаштирилган ҳолатни расман тасдиқлади.
Ҳодиса Лион шаҳрида содир бўлган. Бемор оғир иммунитет танқислигидан азият чеккан ва бошқа жиддий хасталик сабабли маҳаллий шифохонада даволанаётган бўлган. У октябрь ойи бошида вафот этган.
«Оғир иммунитет танқислиги бўлган, Лиондаги шифохонада жиддий касалликдан даволанаётган беморга Шамонда вируси юққан. У октябрь ойи бошида вафот этди. Ҳозирда клиник, лаборатория ва эпидемиологик текширувлар давом этмоқда», — дейилади Франция ҳукуматининг расмий баёнотида.
Илгари илмий доираларда Шамонда вируси инсонга юқмайди, деб ҳисоблаб келинган. Шу боис мазкур ҳолат тиббиётда мисли кўрилмаган ҳодиса сифатида баҳоланмоқда.
Шу билан бирга, Франция соғлиқни сақлаш расмийлари ҳозирги вақтда вирус аҳоли саломатлиги учун кенг кўламли хавф туғдирмаётганини таъкидлади.

