Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Греция 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлади

23.10.2026 09:23

46

Греция рақамли сиёсат вазири Димитрис Папастергиу янги чекловни болаларнинг интернетдан назоратсиз фойдаланиши ва рақамли қарамликнинг олдини олишга қаратилган чора сифатида изоҳлади. Унинг таъкидлашича, назоратсиз интернет истеъмоли болаларнинг руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Греция парламенти 15 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқловчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Янги тартиб 2027 йил 1 январдан кучга киради.

Қонун лойиҳасини парламентдаги 300 ўриндан 156 тасига эга ҳукмрон «Янги демократия» партияси депутатларигина қўллаб-қувватлади. Асосий мухолифат кучларидан бири — «ПАСОК — Ўзгаришлар ҳаракати» бетараф қолди, бошқа фракциялар эса ҳужжатга қарши овоз берди.

Греция рақамли сиёсат вазири Димитрис Папастергиу янги чекловни болаларнинг интернетдан назоратсиз фойдаланиши ва рақамли қарамликнинг олдини олишга қаратилган чора сифатида изоҳлади. Унинг таъкидлашича, назоратсиз интернет истеъмоли болаларнинг руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

«Болалар ҳар куни интернет оламига шўнғиб кетмоқда. Масъулиятли ҳукумат зарур чораларни кўриши керак», — деди вазир.

Янги қоидаларга кўра, рақамли платформалар 2027 йил 1 январдан ўз хизматлари ва фойдаланувчи ҳисоблари катталарга мўлжалланганини текшириши керак бўлади. Қонун Facebook, Instagram ва TikTok каби ижтимоий тармоқларга тааллуқли бўлиши мумкин. Бироқ ҳужжатда тақиқ қўлланадиган платформаларнинг аниқ рўйхати келтирилмаган. Сервисларни таснифлашда уларнинг номи эмас, балки функциялари ва хусусиятлари ҳисобга олинади.

Чеклов болаларнинг интернетдан умуман фойдаланишини ёки смартфонга эга бўлишини тақиқламайди. Шунингдек, у барча мессенжерлар ва видео томоша қилиш иловаларига автоматик равишда татбиқ этилмайди.

Греция ҳукумати вакили Павлос Маринакис ёшни текширишнинг ягона мажбурий усули белгиланмаганини маълум қилди. Платформалар фойдаланувчининг ёшини ишончли аниқлаши, шу билан бирга, унинг шахсий маълумотлари махфийлигини таъминлаши керак.

Ҳукумат болалар ва катталар учун мўлжалланган Kids.gov.gr Wallet ҳамда Gov.gr Wallet рақамли ҳамёнларини эҳтимолий воситалар сифатида келтирган. Бироқ улардан фойдаланиш мажбурий эмас — платформалар бошқа ишончли ёшни текшириш усулларини ҳам қўллаши мумкин.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган