Буюк Британия қироли Карл III мамлакатнинг собиқ мустамлакаларидаги қуллик учун узр сўраши керак. Бу фикрни Ҳамдўстлик бош котиби Ширли Ботчуэй Sky News телеканалига берган интервьюсида билдирди.
Унинг таъкидлашича, Британия қул савдоси учун товон тўлаш масаласини муҳокама қилишдан қочиб қутула олмайди. Товон тўловлари молиявий компенсация, Британияга олиб кетилган тарихий ва маданий бойликларни қайтариш, қарзларни кечиш ёки иқлим ўзгаришига мослашишда ёрдам бериш каби шаклларда бўлиши мумкин.
Ботчуэйнинг бу баёноти 1–4 ноябрь кунлари Антигуа ва Барбудадаги Сент-Жонс шаҳрида бўлиб ўтадиган Ҳамдўстлик саммити арафасида янгради.
Сўнгги йилларда Кариб ҳавзаси давлатлари Британиядан қул савдоси учун товон тўлашни тобора фаол талаб қилмоқда. 2024 йил октябрь ойида Самоада ўтган Ҳамдўстлик саммитида ҳам ушбу масалани муҳокама қилишни бошлаш зарурлиги қайд этилган.
Ўшанда Карл III Британиянинг мустамлакачилик ўтмишини ўрганиш келажакдаги хатоларнинг олдини олишда муҳимлигини таъкидлаган, аммо қул савдоси учун узр сўрамаган.

.webp)