2026 йил ёзида Европада кузатилган кучли иссиқлик камида 50 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган. Олимлар Европанинг 850 га яқин шаҳридаги статистик маълумотларни таҳлил қилиб, шундай хулосага келди. Қишлоқ ҳудудларидаги маълумотлар ҳам ҳисобга олинса, қурбонлар сони янада кўп бўлиши мумкин.
Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, бу йилги ёз XXI асрда иссиқлик билан боғлиқ ўлимлар энг кўп кузатилган мавсум бўлди. Ўлим ҳолатларининг тахминан учдан икки қисми глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ.
Аввалроқ аномал об-ҳаво камида 35 минг кишининг ўлимига сабаб бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Бироқ бу ҳисоб-китоб Европадаги давлатларнинг фақат ярмини қамраб олган.
World Weather Attribution халқаро иқлим ташаббуси маълумотларига кўра, қитъанинг кўплаб мамлакатларида қайд этилган ҳарорат рекордлари метеорологик кузатувлар тарихида мисли кўрилмаган даражага етган.
Европанинг Copernicus Ер мониторинги хизмати маълумотларига кўра, июль ойида Ғарбий Европанинг айрим мамлакатларида ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрдан 3–5 даража юқори бўлган.
Июнь ва июль ойларидаги умумий кўрсаткичлар ҳам салбий рекордни қайд этган: минтақада ўртача суткалик ҳарорат 21,62 даражага етган. Бу 1991–2020 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан қарийб 3 даража юқори.

